Jump to content

Автопойга

From Vikipediya

Автомобил спорти (автомобил пойгаси) – спорт автомобиллари ва серияли автомобилларда ўтказиладиган пойга ва спорт тури. Биринчи автомобил пойгаси 1894-йил 18-ноябрда Франсияда Париж-Руан-Париж йўналиши бўйича 1200 км масофада ўтказилган. Қоидага мувофиқ тезлик чекланган (соатига 12,5 км) эди. Пойга айланма шосселар, тўғри шосселар, автодром, ипподром, велодром ҳамда стадионларда ўтказилади. Белгиланган масофада рекорд қўйиш учун махсус пойгалар ҳам ўтказилади. Пойгада қатнашадиган автомобилларнинг халқаро таснифи (асосий мезон автомобил русуми ва двигателнинг иш ҳажми) ва техника талаблари вақт-вақти билан ўзгариб туради. Чет элда жаҳон чемпионлиги учун айланма шосселарда ўтказиладиган автомобил пойгалари ва Европа чемпионлиги учун ўтказиладиган авторалли асосий мусобақалар ҳисобланади. Халқаро автомобил федерацияси (1904-йил) ташкил этилган. Жаҳон биринчилиги 1925-йилдан ўтказиб келинади. 1965-йил ноябрда америкалик пойгачи Крег Бридлав реактив двигателли автомобилда соатига 966, 554 км тезликда йўл босиб мутлақ рекорд қўйди. Автомобил спорти бўйича собиқ Иттифоқ биринчилигида Рига шаҳрида Ўзбекистон жамоаси 1978-йилда биринчи марта қатнашди. Ўзбекистон спортчиларидан Муроджон Қаюмов энг яхши натижа кўрсатди. 1996-йил Ўзбекистонда биринчи марта Пискент шаҳри яқинидаги „Ужний“ автополигонда тезлик рекорди ўрнатилди. В. Е. Александров 100 км масофада ўртача 118 км/соат тезликка эришди. 1997-йил шу жойда биринчи марта Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Ўзбекистонда Автомобил спортининг 264 та сексияси бўлиб, 22395 киши спортнинг шу тури билан шуғулланади. 116 947 киши оммавий спорт разрядига эга, 41 нафар спорт усталигига номзод, 10 нафар спорт устаси бор (1997).

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил