Jump to content

Интродуксия

From Vikipediya

Интродуксия (лотинча: интродуcтио — жорий қилиш), ўсимликлар интродуксияси — турли ўсимликлар турлари ва навларини ўз табиий ареалидан илгари учрамаган ҳудудларга кўчириш (жалб этиш). „Интродуксия“ тушунчаси 19-асрнинг 2-ярмидан буён қўлланиб келинмоқда. Ўсимликлар интродуксияси назариясини швейсариялик ботаник Аугустин Пйрамус де Cандолле 1855-йилда асослаб берган. Николай Вавилов ўзи яратган маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари назарияси асосида 1920-йилда интродуксиянинг илмий асосларини ишлаб чиқди.

Ҳозир деярли барча қитъаларда етиштирилаётган маданий ўсимликларнинг кўпчилиги турли географик ўлкалардан тарқалган, „кўчириб келтирилган“ ўсимликлар ҳисобланади. 16—17-асрларда Америкадан Европага маккажўхори, картошка, кунгабоқар, помидор, тамаки ва бошқа тарқалган бўлса, 17-асрдан бошлаб Шимолий Америкада Европадан келтирилган олхўри, олма, нок, каштан ва бошқа ўстирилди, Австралияда маккажўхори, қовоқ, зайтун, узум, ситруслар пайдо бўлди. Ўсимликлар табиий ареалдан янги ҳудудларга интродуксия қилинганда турлар (навлар)нинг ҳаётчанлиги ва интродуксиянинг мақсади бўлган қимматли хўжалик белгиларининг яхшиланиши юз беради: мева (уруғ) ҳосилдорлиги кўтарилади, фитомасса кўпаяди, муҳитнинг турли омилларига, касаллик, зараркунандаларга чидамлилиги ортади ва бошқа „Ўз марказлари“дан интродуксия этилиши ўсимликлар ареалини маълум доирада кенгайтирди ва бу борада айрим ўсимликларнинг бирламчи марказлар билан бўлган алоқаси узилади. Мас, ер ёнғоқнинг ватани — Шимолий Аргентина, бироқ ҳозир ер ёнғоқ энг кўп экваториал Африкада етиштирилади. Картошканинг ватани — Жанубий Америка бўлса ҳам, у дунёнинг кўпгина давлатларида асосий озиқ маҳсулоти ҳисобланади.

Ўрта Осиё ҳам кўпгина маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш маркази ҳисобланади ва бу ерда уларнинг хилмахил шакллари учрайди. Шу билан бир қаторда, 19-асрда ва ундан аввал Ўрта Осиёга аҳолига номаълум бўлган ўсимликлар келтирилган, улар иқлимлаштирилиб, асосий экинларга айланган. Ўрта Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда интродуксия натижасида картошка, помидор, ширин қалампир, бақлажон, карам, айрим кўкат ва зираворлар, ер ёнғоқ, ҳурмо, лимон, унаби каби сабзавотлар, полиз экинлари, мева турлари тарқалди.

Ўсимликлар интродуксияси учун материаллар йиғиш мақсадларида маданий ўсимликларнинг бирламчи ва иккиламчи келиб чиқиши марказларига илмий экспедициялар уюштирилади (мас, Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимликлар экспериментал биологияси институти ғўзанинг ёввойи турларини йиғиш бўйича академик А. Абдуллаев бошчилигида 1975-йилда Мексика, 1984-йилда Перу, 1989—90 йилларда Шри Ланка, Ҳиндистон, Хитой, 1997-йилда Австралияга илмий экспедициялар юборган). Ботаника ва селексия муассасаларида ўсимликлар интродуксияси ва сўнгра уларни иқлимлаштириш ишлари олиб борилади.

20-асрнинг 30-йилларида Ўзбекистонда ташкил этилган илмий ташкилотлар илмий режа асосида жаҳон маданий ва ёввойи ўсимликларининг хилма-хил турларини йигиш, интродуксия ишларини бошладилар. Ҳозирги Ўзбекистон ўсимликшунослик, Ўзбекистон ғўза селексияси ва уруғчилиги, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси, Ботаника илмий тадқиқот институтлари ва Ботаника боғида интродуксияланган ва маҳаллий навлар асосида турли экинларнинг коллексиялари ташкил этилган.

Жаҳон мамлакатлари ўртасида илмий ҳамкорлик кенгайган шароитларда интродуксиянинг вазифаси ўсимликларни илмий асосда янги ўлкаларга жалб этиш ва мавжуд экинлар нав таркибини замонавий саноат навлари билан бойитишдан иборат.

Адабиётлар

[edit | edit source]
  • Ҳожиев, Файзулла. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000.
  • Вавилов Н. Интродуксия, Происхождение и географии културних растений, Л., 1978.
  • Белолипов интродуксия В., Интродуксия травянистих растений природной флори Средней Азии (эколого-интродуксионний анализ), Тошкент, 1989.

Манбалар

[edit | edit source]