Париж университети
франсузча: Университé де Парис | |
Асос солинган санаси | 1150-йил ва 1896-йил |
---|
Париж университети, Сорбонна — Франсиядаги йирик ўқув ва илмий марказлардан бири.1150-йили асос солинган. 1215-йил черков мактаби негизида вужудга келиб, Европада биринчи дунёвий университет ҳисобланган. Дастлаб санъат, ҳуқуқ, илоҳиёт, тиббиёт факултетлари бўлган. 1257-йил Парижнинг Лотин кварталида Сорбонна деб аталган коллеж ташкил этилган (асосчиси — Р.Де Сорбон номи билан боғлиқ). 17-асрда Сорбонна коллежи билан Париж университети қўшилиб, уларнинг ҳар икки номи айнан ишлатила бошлади. Париж университети ўрта асрларда ва 17-асрга кадар Европада илоҳиёт ва юриспруденсия соҳасида йирик ўқув юрти ва илмий марказ ҳисобланган. 1793-йил Конвент қарорига мувофиқ университет ёпилди ва 1806-йилда кайта тикланди. А.Лавуазе, Л.Пастер, П.Кюри, Ж.Б.Перрен, П.Ланжевен каби машҳур олимлар фаолияти Париж университети билан боғлиқ. 1970-йилларда Париж университети кайта ту-зилиб, 13 мустақил университет ташкил этилди. Университет ҳуқуқ ва иқтисодиёт фанлари, табиий фанлар, адабиёт ва ижтимоий фанлар, тиббиёт, фармокология бўйича мутахассислар тайёрлайди. Университетда бир канча илмий тадқиқотлар институтлари, марказлар, олий мактаблар, кутубхоналар мавжуд. Университетда 250 мингдан ортиқ талаба таълим олади.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |