Jump to content

Себарга

From Vikipediya

Себарга (Трифолиум) — дуккакдошларга мансуб бир, икки ва кўп йиллик ўцимон ўсимликлар туркуми, емхашак экини. 200 га якин тури Шимолий ярим шарнинг моътадил, шунингдек, субтропик минтақаларида, қисман Жанубий Америка ва Африкада учрайди. Қизил (Т. пратенсе Л.), пушти С. (Т. ҳйбридум), оқ С. (Т. репенс), миср С.си (Т. алехандринун Л.), эрон себарга (Т. ресупинатум Л.) турлари деҳқончиликда кенг тарқалган. Ўзбекистонда, асосан, қизил ва миср себаргаси (берсим) экилади. Қизил ёки ўтлоқ себарга икки йиллик ўцимон ўсимликдир. Илдизи ўқ илдиз, 30 — 40 см чуқурликда жойлашади, айримлари 1 метргача боради; илдизида 1–3 мм ли туганаклар ҳосил бўлади. Пояси тик усади, шохланади. Барги 3 бўлакли, четлари текис, бандининг узунлиги 12—20 см. Гули майда, қизил, оқ, бинафша. Гултўплами думалоқ, баъзида шингилсимон. Бир тўпламда 100—135 гул мавжуд. Меваси 3—6 уруғли дуккак, ранги сариқ, қўнғир. Уруғи сариқ, бинафша; майда, 1000 та уруғи вазни 1,2—2 г. Уруғи 1— 2° ҳароратда униб чиқади. 15—29° да яхши ўсиб ривожланади. Мўтадил нам иқлимга мослашган. Экилганидан кейин 6—7 кунда униб чиқади. Майсаси 65—80 кунда гуллайди, 110—120 кундан кейин уруғи пишади. Қизил себаргадан юқори тўйимли кўкат, пичан, силос, витаминли ўт уни тайёрланади. 100 кг кўкатида 20 озуқа бирлиги, 2,7 кг оқсил, 380 г калсий, 70 г фосфор, 400 мг каротин; 100 кг пичанида эса 52,2 озуқа бирлиги, 7,9 кг оқсил, 1200 г калсий, 340 г фосфор, 2500 мг каротин мавжуд. С. тупроқни азот билан бойитади. 1 га да 100–200 кг ҳисобида соф азот тўплайди. Бир далада С. 2—3 йил давомида ўстирилади. Ҳар ўримда 1—3 марта суғорилади. Тўйимли пичан, кўкат олиш учун гуллаш даври бошланиши билан ўриб олинади. Ўзбекистонда қизил С.нинг Ўзбекистон шоличилик илмий тадқиқот институтида УзРос (1954) ва Ўзбекистон 3 (1981) навлари чиқарилган ва барча вилоятлар учун раёнлаштирилган.

Касалликлари: антракноз, рак, фузариоз, аскохитоз, занг.

Зараркунандалари: узунтумшуқ, шилимшиқ.

Ад.ҳ Отабоева Ҳ. ва бошқа, Ўсимликшунослик, Т., 2000.

Ҳалима Отабоева.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил