Елей суртиш маросими
Елей суртиш маросими (Елеосвешение) - христианликдаги сирли маросимларнинг учинчиси. У рус тилида елеосвяшение, соборование деган номлар билан аталади. Ушбу маросимга елеосвяшение номи христианларга елей мойини суртилиши билан боғлиқ бўлса, маросим етти руҳоний жамоаси (собори) томонидан бажарилгани учун унга соборование номи берилган. Сирли маросим ҳаворийлар даврида йўлга қўйилган бўлиб, унда бемор диндорларга муқаддаслаштирилган зайтун ёғи суртилади. Черков та’лимотига кўра, ушбу маросим инсоннинг жисмоний ва руҳий касалликларини даволайди. Шуни айтиб ўтиш керакки христианлар маросим тавбасига таяниб улгурмаган бандаларнинг гуноҳлардан халос этиб, осонгина жон беришларига ёрдам беради деб ишонадилар. Сирли маросим етти ёшдан катта ақли расо бемор диндорларга мўлжалланган. Бу маросим нафақат черковда балки, касалхона ва уйларда ҳам бажариш мумкин. Маросим вақтида руҳоний Апостол китоби ва Евангелиени ўқиган ҳолда беморнинг пешона, ёноқ, лаб ва қўлларига муқаддас зайтун мойини етти маротаба суради. Бундан ташқари ибодат вақтида руҳоний Исо Масиҳдан беморга шифо беришини ва унинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб дуо ва илтижолар қилади. Бу орада бемор худога нола қилиб, гуноҳлари кечирилишини сўрайди. Кейин эса, руҳоний Евангелияни (ёзувини пастга қилиб) беморнинг бош қисмига қилиб, гуноҳларни авф этиш дуоларини ўқийди. Бу орқали бемор касалликдан фориғ бўлиб, ошкора ва яширин гуноҳлари кечирилади. Шуни айтиб ўтиш керакки христианликда бу маросимнинг ўзига хослиги ошкора гуноҳлар билан бирга яширин гуноҳларни ҳам кечирилиши билан боғлиқ. Чунки христианликда гуноҳларни кечирилиши тавба-тазарру қилиш маросими орқали амалга ошади. Унга кўра диндор гуноҳларига ошкора иқрор бўлиши лозим. Бундан кўриниб турибдики эсдан чиқиб қолган гуноҳлар кечирилмайди. Соборование маросими эса ана шу гуноҳларни авф этиш йўли ҳисобланади. Соборование бир вақтнинг ўзида бир нечта беморлар учун бажарилиши мумкин[1].
Манбалар
[edit | edit source]- ↑ Нажмиддинов, Каримов, Турдиева 2017, с. 192-193.
Адабиётлар
[edit | edit source]- Нажмиддинов Ж., Каримов Ж., Турдиева Д.. Диншунослик. Қомусий луғат. Имом Бухорий халқаро маркази нашриёти, 2017 — 480-бет. ИСБН 978-9943-5105-3-1.
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (Апрел 2024) |